Я.Худайбергенов Erasmus+ DSinGIS лойиҳаси доирасида IAMO да малака ошириб қайтди

Я.Худайбергенов Erasmus+ DSinGIS лойиҳаси доирасида IAMO да малака ошириб қайтди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат униерситети география кафедраси ўқитувчиси Яхшимурад Худайбергенов DSinGIS лойиҳаси доирасида Германиянинг Лейбниц номидаги қишлоқ ҳўжалигини ривожлантириш институтида (IAMO)  2 ой давомида малакасини ошириб келди.

Лейбниц номидаги қишлоқ ҳўжалигини ривожлантириш институти (IAMO) 1994 йили ташкил этилган. IAMO ҳалқаро институт бўлиб, қишлоқ ҳўжалиги иқтисодиёти бўйича амалий ва фундаменталь тадқиқотларни амалга оширмоқда. Институтда ижроия кенгаши, васийлик кенгаши ва илмий маслаҳат кенгаши ташкил этилган. Институт маъмурий томондан бошқариладиган 3 та бўлимдан таркиб топган. Жумладан қуйидагича:

  • Қишлоқ ҳўжалиги сиёсати бўлими;
  • Қишлоқ хўжалиги бозори бўлими;
  • Таркибий ўзгаришлар бўлими.

IAMO асосан қишлоқ жойлардаги ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жараёнлардаги ўзгаришларни ўрганиш билан шуғулланади. Институтда ҳозирги кунда 80 дан ортиқ ҳалқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда ва бу лойиҳалар доирасида 100 га яқин докторантлар илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.

Институт кутубхонасида 29000 дан ортиқ монография ва 179 номдаги илмий журналлар мавжуд бўлиб, улар 30 дан ортиқ тилда чоп этилган. IAMO  кутубхонаcи Умумий кутубхона тармоғи (GBV), Лейбниц Ассоциацияси кутубхона ва маълумотлар тармоғи, Немис кутубхона ассоциацияси (DBV), Галле минтақавий кутубхонаси (ULB), Галле иқтисодий тадқиқотлар институти кутубхонаси ва Галледаги Лейбниц номидаги ўсимликлар биокимёси институти (IPB) билан узвий боғланган.

Ҳозирги пайтда Европа Иттифоқининг ўтиш давридаги Марказий, Шарқий ва Жануби-Шарқий Европа ҳамда Марказий ва Шарқий Осиё давлатларида тадқиқотлар амалга оширилмоқда.   Институтда илмий тадқиқотлар асосан қуйидаги йўналишларда амалга оширилмоқда:

  • Сиёсат ва институтлар;
  • Табиий ресурслардан фойдаланиш;
  • Қишлоқ жойларнинг турмуш даражасини ошириш;
  • Қишлоқ ҳўжалигини жойлаштириш;
  • Қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари қийматини баҳолаш;
  • Хитой ҳалқаро илмий тадқиқотлар гуруҳи.

Ҳозирги пайтда IAMO иқлим ўзгариши ва унинг қишлоқ ҳўжалик экинларига салбий таъсирини, ердан фойдаланиш, қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини етиштириш ва ерларни деградацияси бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Шунингдек, қишлоқ жойлардаги аҳолининг даромади ва уларнинг миграцияси, саломатлиги, таълим ҳамда бандлигини ўрганади. Институт қишлоқ ҳўжалигини таркибий ўзгартириш назарияларини ишлаб чиқиш ва замонавий ердан фойдаланиш муаммолари бўйича ҳам тадқиқотлар олиб боради. Шунингдек, ўтиш давридаги мамлакатларда маҳсулотларни етиштириш ва уларни минтақавий ҳамда глобал кўламда истеъмол бозорини ўрганади.

Ҳозирги пайтда таркибий ўзгаришлар бўлимида Др. Даниел Мюллер раҳбарлигида «Рельефни рақамли таҳлил қилиш орқали Амударё дельтасидаги пост-дельта ландшафтларини ўрганиш» мавзусида илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Шу билан бирга, Др.Флориан Шейкҳорн ҳам ўзининг маслаҳатларини бермоқда. Бу мавзуни танлашимнинг асосий сабаби Орол денгизининг қуриши натижасида минтақада, жумладан Амударё дельтасида ҳам салбий табиий ўзгаришлар юзага келди ва буни замонавий ГИС технологиялари орқали ўрганиш жуда катта самара беради. Сўнгги йилларда Амударё қуйи оқимига сув етиб келмаганлиги сабабли дельтадаги 100 дан ортиқ кўллар қуриди. Бунинг натижасида Амударё дельтасида ҳам чўллашиш жараёни юзага келди ва оқибатда ҳудуддаги ландшафтлар ўзгарди.  Бундай ўзгаришларни замонавий ГИС дастурларида ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали Амударё дельтасидаги ландшафтларнинг ўзгариш тенденциясини ўрганиш ва баҳолаш мумкин. Landsat космик суратларини ГИС дастурлари ёрдамида қайта ишлаш натижасида Амударё дельтасидаги ландшафтларни ўзгаришини ва вегетацион индексини (NDVI) аниқлаш мумкин бўлади.