“Ўздаверлойиҳа” ДИЛИда Эразмус+ DSINGIS лойиҳасига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди

“Ўздаверлойиҳа” ДИЛИда Эразмус+ DSINGIS лойиҳасига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди

2019 йилнинг 22 феврал куни “ЎЗДАВЕРЛОЙИҲА” Давлат илмий лойиҳалаш институтининг мажлислар залида “2017-2020 йиллар давомида  Эрасмус+ DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторонтура”  халқаро лойихаси доирасида олиб борилаётган ишлар” мавзусидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Илмий – амалий семинар очилиш маросимини “Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ бош директори Тўраев Рухиддин Амирқулович ўз нутқи орқали очиб берди.

Сўнгра сўз Тошкент архитектура қурилиш  институтининг илмий, илмий тадқиқот ва  инновациялар бўлими бошлиғи  Мирзахмедов  Ботир Хусниддиновичга берилди. У ўз маърузасида Тошкент архитектура қурилиш институтида ҳозирги кунда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, лойиҳалар ва инновацион ишланмалар тўғрисида, жумладан “Геодезия ва кадастр” кафедраси профессор-ўқитувчилари иштирок этаётган “DSinGIS” лойиҳаси ва лойиҳанинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Венгрия давлатининг Обуда университетидан келган “DSinGIS” лойиҳаси менежери, профессор Бела Маркус ҳам ўзининг лойиҳа тўғрисидаги тақдимоти билан семинарда иштирок этди.

У ўз нутқида лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида қисқача айтиб ўтиш билан бир қаторда асосий эътиборни ишлаб чиқариш корхоналари билан олий таълим муассасалари ўртасидаги хамкорликни янада кучайтириш лозимлиги ва “DSinGIS” лойиҳаси сингари халқаро лойиҳалар бу йўлда ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қила олиши ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ ҳалқаро муносабатлар бўлими бошлиғи Мақсудов Бобомурод Юлдошович сўзга чиқиб, лойиҳалаш институтида ҳозирги кунда олиб борилаётган ишлар, хусусан чет эл олий таълим муассасалари билан ўрнатилаётган ҳамкорликлар, ходимлар ва PhD таянч докторантларининг малакасини ошириш мақсадида уларни Корея Республикаси, Хитой, Германия ва бошқа ривожланган мамлакатлар ОТМлари ҳамда корхоналарига юборилаётганлиги хақида, шунингдек “DSinGIS” лойиҳаси доирасидаги ҳамкор ОТМлар билан ҳам келажакда биргаликда янада самарали ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқиш кераклиги тўғрисида айтиб ўтди.

Лойиҳанинг миллий координатори, ТИҚХММИ таянч докторанти – Абдурахманов Илхом Исакович “DSinGIS” лойиҳаси, унинг мақсад ва вазифалари, Европа ОТМларида малака оширишни ташкил этиш” номли маърузаси билан иштирок этди. У ўз маърузасида лойиҳанинг мақсад ва вазифаларини батафсил ёритиб бериш билан бир қаторда, лойиҳада ташкилий масалалар қандай йўлга қўйилганлиги, чет эл хамкор ОТМларига таянч докторантларнинг қай тартибда малака ошириш курсларига юборилиши, хусусан биринчи ва иккинчи чақириқ давомида кимлар танлаб олинганлиги ва уларнинг эришган ютуқлари тўғрисида семинар қатнашчиларига маълумотлар берди.

Тошкент архитектура-қурилиш институти “Геодезия ва кадастр” кафедраси катта ўқитувчиси Авезбаев Отабек Садуллаевич сўзга чиқиб,  “DSinGIS” лойиҳаси давомида очилган янги PhD дастури ва унинг ихтисослиги, 18 та махсус Геоинформатика соҳасига оид замонавий курсларнинг яратилаётганлиги, курсларнинг “Moodle” тизими орқали ўқитилиши хақида айтиб ўтди.

Шунингдек барча курслар тайёр бўлгандан кейин уларни нафақат лойиҳада қатнашувчи PhD таянч докторантлар балки  илмий ишлаб чиқариш институтларидаги шу курсларга қизиққан барча илмий изланувчилар ҳам ўқишлари мумкинлигини, негаки кейинчалик барча 18 та курслар очиқ манба сифатида жамоатга тақдим этилиши ҳақида таъкидлаб ўтди. Қолаверса, лойиҳа доирасида махсус қўшма илмий-тадқиқот маркази ҳамда лойиҳа доирасидаги барча ўзбек хамкор ОТМларда электрон таълим марказлари очилиши ва лойиҳа маблағлари ҳисобига у ерга барча керакли жиҳозлар сотиб олиниши тўғрисида алоҳида гапириб ўтди.

Мирзо-Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Геодезия ва геоинформатика” кафедраси катта ўқитувчиси Абдуллаев Илхомжон Ўктамович ўзининг “Геофазовий атамалар луғати, Геоинформатика бўйича анъанавий илмий конференциялар” номли маърузаси билан семинарда иштирок этди. У ўз нутқида ҳозирги кунда илм-фан соҳасида атамаларнинг ўрни жуда катталиги, манбааларнинг кўплиги, шунингдек кўплаб атамалар чет тилларида эканлиги сабабли олимлар ҳар бир атама юзасидан аниқ бир тўхтамга келиш жуда муҳим масалалардан бири эканлигини такидлаб ўтди.  “DSinGIS” лойиҳасида бу масалага катта эътибор берилганлиги ва шунинг учун ҳам геофазовий атамалар учун махсус электрон луғат яратилганлиги, унга шу кунгача 1000 дан ортиқ атамалар 3 та тилда киритилганлиги ва у доимий равишда бойитилиб борилаётганлиги тўғрисида айтиб ўтди.

Шунингдек, у лойиҳа доирасида ўтказилган ва ўтказилиши режалаштирилаётган геоинформатика бўйича анъанавий илмий конференциялар тўғрисида маълумотлар берди ва барча иштирокчиларни келгуси конференцияларда ўз мақолалари билан иштирок этишга чорлади.

“Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ таянч докторантура “(PhD) ва докторантура (DSс)” бўлими бошлиғи Инамов Бекзод НизамовичЎздаверлойиҳа” ДИЛИ Илмий фан ютуқларини жорий этиш”  номли маърузаси билан сўзга чиқди ва ҳозирги кунда докторантура йўналишида бўлимда олиб борилаётган ишлар, ишлаб чиқариш корхоналарида муамммоли бўлган мавзуларни ўрганиб чиқиш орқали барча таянч докторантларнинг диссертация мавзулари шакллантирилганлиги ва уларда янги замонавий дастурлар, амалий ишланмалар инобатга олинганлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди.

“Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ бош муҳандиси Давронов Обид Ўктамович сўзга чиқиб – “ГАТ технологияларини қўллаш орқали яйлов мониторингини юритиш (Вазирлар Махкамасининг 299–сонли қарори ижроси бўйича)” мавзусидаги маърузасида юртимизда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ва муаммоли вазиятлар тўғрисида, жумладан Ўзбекистон Республикасининг яйлов ерлари чегараларини аниқлаш ва уларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари қай тартибда олиб борилаётганлиги ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

“Ўздаверлойиҳа” таянч докторантлари Абдуллаева Махфуза Тўлқиновна “Қишлоқ хўжалик ерларида алмашлаб экишнинг ГАТ технологияларини яратиш услубиятини ишлаб чиқиш”, ҳамда Эшназаров Дониёр Бахромалиевич “Ер кадастрини юритишда геодезик-картографик таъминотни такомиллаштириш” номли маърузалари билан семинарда иштирок этишди ва ўз илмий ишлари мақсад ва вазифалари, тадқиқотлардан кутилаётган натижалар тўғрисида маълумотлар беришди.

Семинар иштирокчиларидан бири бўлган Тошкент архитектура-қурилиш институти “Геодезия ва кадастр” кафедраси доценти, т.ф.н. Ташпулатов Сарвар Анварович сўзга чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Семинар якунида профессор Бела Маркус ва лойиҳанинг миллий координатори Илхом Абдурахманов сўзга чиқиб, семинарнинг барча иштирокчиларига ва шу семинарни ўтказиш имкониятини яратишда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат раиси Абдуллаев Абдушукур Хамидовичга, “Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ бош директори Тўраев Рухиддин Амирқуловичга ва Тошкент архитектура-қурилиш институти ректори Ҳакимов Ровшан Рашодовичга ўз миннаддорчиликларини билдиришди ҳамда келгусида янги лойиҳалар яратиш, ўзаро хамкорликни янги босқичларга олиб чиқиш зарурлигини ва шу орқали кадрлар салоҳиятини янада оширишга эришиш мумкинлиги ҳақида алоҳида такидлаб ўтишди.

Семинар сўнги эсталик учун кадрларда мухрланди.