Print Friendly and PDF

Тошкент архитектура ва қурилиш институти (ТАҚИ)

Tошкент архитектура-қурилиш институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 6 майдаги фармони билан ташкил этилган. Институт Республиканинг архитектура-қурилиш таълим йўналишлари бўйича таянч ўқув муассаси бўлиб, олий таълимнинг кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида олий таълим вазифаларини амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.

Институтда “Архитектура”, “Бино ва иншоотлар қурилиши”, “Мухандислик қурилиш инфраструктураси” ва “Қурилишни бошқариш” факултетлари, шунингдек, Академик Лицей, Қурилиш соҳасида менежерларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази, халқаро алоқалар бўлими фаолият кўрсатмоқда.

 

Tошкент архитектура-қурилиш институтида 253 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 23 нафари фан доктори ва профессорлар, 95 нафари фан номзодлари ва доцентлар. Институт профессор-ўқитувчиларининг 50,2% илмий даража ва унвонларга эга. Факултетларнинг кундузги ва сиртқи бўлимларида бакалавриатнинг 16 таълим йўналишлари ва магистратуранинг 21 мутахассислиги бўйича икки мингдан ортиқ талаба тахсил олмоқда. Ўқув жараёнида талабалар чуқур назарий билимлар ва илмий-амалий маслаҳатлар олиш имкониятига эгадирлар. Илмий-педагогик кадрлар аспирантура бўлими орқали 7 мутахассислик бўйича тайёрланади. Архитектура ва қурилиш соҳасида докторлик ва номзодлик диссертацияларини ҳимоялаш бўйича ихтисослашган кенгашлар фаолият кўрсатмоқда. Институт илмий-тадқиқот ишлари Ўзбекистон Республикаси ривожлантириш устивор йўналишлари бўйича Давлат илмий-техника дастурига киритилган.

Институт мутахассислари қурилиш конструкцияларини, жамоат ва турар жой биноларини лойиҳалаш, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини аниқлаш, техноген чиқиндилар асосида самарали қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича буюртмалар қабул қилади. Институтнинг нашир-таҳрир бўлимида дарсликлар, ўқув қўлланмалар, монографиялар ва илмий ишлар тўпламлари нашр этилмоқда. Умумтехника ва махсус фанларни ўрганишда илғор педагогик технологияларни қўллаш, фан ва техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳасида менежерларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилган.

1996 йилдан эътиборан архитектура-қурилиш институти қошида фаолият кўрсатаётган академик лицейда 542 нафар ўқувчи таълим олмоқда. 3 нафар профессор, 12 нафар фан номзоди ва доцентлар таълим беришмоқда.

TАҚИ 20 дан ортиқ МДҲ давлатлари ва бошқа ҳорижий давлатларнинг нуфузли институт ва университетлари билан ҳамкорлик шартномалари асосида ишлаб келмоқда. Институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари интернетга кириш имкониятига эга замонавий компъютерлар билан таъминланган 247958 нусха китоб фондига эга, 1075,2 м2 майдонда жойлашган Ахборот ресурс маркази; Спортнинг турли хил турлари билан шуғулланиш учун институтнинг “Пахтакор” спорт мажмаси, вилоятлардан келиб таҳсил олаётганларга талабалар учун турар жой; институтнинг бош биносида ошхона ва факултетларда буфетлар хизмат қилмоқда.

Геодезия ва кадастр кафедраси

Геодезия ва кадастр кафедраси 1966 йилда Tошкент политехника институти таркибида ташкил этилган. Шундан буён кафедра геодезия ва кадастр соҳаси бўйича мутаҳассислар тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этиб келмоқда. Кафедра “Геодезия, картография ва кадастр” таълим йўналиши бўйича бакалаврлар ва “Амалия геодезия” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлайди. Кафедрада 6 нафар т.ф.н. доцентлар, 2 нафар доцент, 4 нафар катта ўқитувчи ва 6 нафар ассистент фаолият юритадилар. Tаълимни ишлаб чиқариш билан интеграциялаш мақсадида кафедра <ЎЗГАШК ЛИTИ>, <МАГК>, <Геодезия ва картография миллий маркази> билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. <ЎЗГАШК ЛИTИ> ва <Геодезия ва картография миллий маркази> қошида кафедранинг филиали фаолият юритади. Кафедра аъзолари томонидан олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишлари натижалари бўйича номзодлик ва магистрлик диссертациялари ҳимоя қилинмоқда, илмий мақолалар чоп етилмоқда. Кафедра ўқитувчилари томонидан оҳирги йилларда 20 дан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмалар чоп етилди. Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан маъруза, лаборатория ва амалий машғулотлар 28 та фан бўйича институтнинг барча факултетларида олиб борилади. К

афедранинг умумий юкламаси ўртача 22500 соатни ташкил этади. Кафедрани тугатган талабалар турли геодезик, қурилиш ташкилотларида, шаҳар, туман, вилоят ҳокимиятлари кадастр бўлимларида, шаҳар ободонлаштириш бошқармаларида ишлашлари мумкин.

Халқаро муносабатлар

Бугунги кунда 4 та чет эллик талабалар институтимизда таълим олмоқда. Институт дунёнинг би нечта ривожланган Олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда, булардан Веимардаги “BAUHAUS” (Германия), Берлин техника университети билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган ва ҳар йили талабалар, магистрлар, ўқитувчилар ва олимлар ушбу университетларда тажриба алмашиб қайтадилар. 2005-2006 ўқув йилида Потсдамдаги Германия архитектура ва қурилиш мутахассислари институти, Қозон архитектура институти ва бошқа олий таълим муассасалари билан жами 21 та ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Ҳозирги кунда Япониялик профессор институтга ташриф буюриб Қурилиш кафедрасида маърузалар ўқимоқда. Шунингдек ТАҚИ ўзининг илмий лойиҳалари билан халқаро фондлар DAAD, Volkswagen (Германия), Eurasia, UNESCO ва бошқа фондларда фаол қатнашмоқда. Потсдамдаги архитектура ва қурилиш институти ва Самарқанд архитектура қурилиш институти билан биргаликда ёзги ўқув амалиёт курслари ташкил этилди ва 20 та профессор-ўқитувчилар, ва 50 дан ортиқ талабалар қатнашдилар.