Print Friendly and PDF

Институтда “Таълим методологияси ва информацион коммуникация технологиялар” мавзусида ўқув амалий тренинг бўлиб ўтди

2013 йилнинг 17-21 июнь кунлари Тошкент ирригация ва мелиорация институтида Европа Иттифоқининг TEMPUS дастурининг GE-UZ лойиҳаси доирасида “Таълим методологияси ва информацион коммуникация технологиялар” мавзусида ўқув амалий тренинг бўлиб ўтди. Тренингни лойиҳанинг Европа Иттифоқидаги ҳамкор университетлари (Ғарбий Венгрия университети, Залцбургдаги Париж-Лодрон университети, Буюк Британиянинг Гринвич университети ва Швеция Қироллик технология институти) дан келган профессор ўқитувчилар олиб бордилар ва Ўзбекистондаги ҳамкор университетлар (ТИМИ, ТАҚИ, ЎзМУ ва ҚарДУ) дан келган 40 тага яқин профессор ўқитувчилар фаол иштирок этишди.

Тренингда лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги ҳамкор университетларда 2014 йилда ташкил этилиши керак бўлган янги Геоинформатика бўйича магистратура мутахассилиги учун таълим тизими онлайн бошқариш, ўқув материалларини яратиш, таълим сифатини баҳолаш тизими ва магистратура мутахассислигини барқарорлигини таъминлаш мақсадида Бизнес режа яратиш бўйича муҳокамалар ва амалий машғулотлар ўтказилди.

Профессор ўқитувчилар Европа таълим стандартлари ҳақида ва таълим тизимини онлайн бошқариш бўйича тренинг курсларда қатнашдилар. Болония келишуви ва миллий таълим стандартларига мос келадиган янги магистратура мутахассислигини яратиш бўйича бугунги кунгача бажарилган ишлар муҳокама қилинди ва бажарилиши лозим бўлган режалар белгилаб олинди. Тренинг сўнгида фаол фатнашчилар сертификатлар билан тақдирланди.