Print Friendly and PDF

Урумчида навбатдаги GISCA 2014 конференцияси ўтказилди

GISCA 2014 - Марказий Осиёда Геоахборот тизимлари (ГАТ) конференцияси “Ипак йўли фазо ва вақтда - Урумчи” мавзусига қаратилган. ГАТ фани - асосий тушунча, Геоинформатика - методология ҳамда ГАТ - дастурий таъминот сифатида жойлашув ёрдамида турли манбалардаги маълумотларни боғлашга қаратилган кучли қуроллардир. Бу эса табиий муҳит ва ресурсларни бошқариш учун ҳамда табиий, техник ва ижтимоий омиллардан келадиган хавфларни баҳолаш учун зарур бўлган қурол бўлиб ҳисобланади.

Ҳар йили ташкил этиладиган “Марказий Осиёда Геоахборот тизимлари” халқаро конференциясининг асосий мақсади ГАТ таълими ҳақидаги билим алмашиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиириш ҳамда Марказий Осиё ва бошқа давлатларнинг профессорлари, тадқиқотчилари ва мутахассисларини бирлаштиришдан иборат.

Бу йилги GISCA 2014 конференцияси Урумчи шаҳридаги Хинжанг Экология ва География институтида Хитой фанлар академияси, Залцбург университетининг Австрия-Марказий Осиё ГАТ маркази ва Геоинформатика маркази, Хитойнинг Хинжанг университети ва Хинжанг нормал университети, Япониянинг Шизуока университети, Хинжанг масофадан зондлашдан фойдаланиш ассоциацияси ҳамда Хинжанг табиий ресурслар ассоциациялари томонидан ташкил этилди.

Конференцияда асосан қуйидаги мавзуларда маърузалар қилинди:

• Атроф муҳитни бошқаришда ГАТ

• Офат ва фавқулотда вазиятларни бошқаришда ГАТ

• Регионал барқарор ривожланишда ГАТ

• Табиий ва маданий меъросларни бошқаришда ГАТ

• Бизнес ва Логистикада ГАТ

• Геодезия, кадастр ва ерларни бошқариш технологиялари

• ГАТ ва Экотизимни моделлаштириш

• Геоинформатика таълим дастурлари

• Халқаро ўқув тармоғи ва ГАТ технологияларидан фойдаланиш

• Фазовий маълумот инфратузилмаларини ривожлантириш

• Масофадан Зондлашдан фойдаланиш

Конференция 2014 йилнинг 28 - 30 май кунлари Хитой Халқ Республикаси Урумчи шаҳрининг Хинжанг экология ва География институтида бўлиб ўтди. Конференцияда Хитой Халқ республикаси, Белгия, Япония, Қирғизистон, Руминия, Рванда, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ университетларидан келган олим, тадқиқотчи ва мутахассислар ҳамда Ўзбекистондан Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг GE-UZ лойиҳаси менежерлари Т.Болтаев ва Ш.Шокировлар иштирок этишди.

Лойиҳа менежери Толмас Болтаев Tempus GE-UZ лойиҳаси ҳақида тақдимот қилиб, қатнашчиларга лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, Геоинформатика соҳасида янги магистратура дастурини очиш учун Ўзбекистон ва Европадаги ҳамкор университетлар томонидан амалга оширилган ишлар, жумладан, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича тренинг курслар, Европа стандартларига жавоб берадиган ўқув дастурлар ва ўқув қўлланмаларни яратиш ҳамда янги геодезик асбоб-ускуналарни яратиш ҳақида маълумот берди. Келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, Шухрат Шокиров “Масофадан зондлаш усуллари ёрдамида Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги яйловлар деградациясини баҳолаш” мавзусидаги илмий тадқиқот иши бўйича ёзилган мақоласини тақдимот қилди.

Лойиҳа менежерлари кофе брек ва танаффус пайтларида қатнашчиларга лойиҳа ҳақида маълумот бериб, тайёрланган тарқатма материалларини тарқатишди.

Якуний қисмда GISCA 2015 конференцияси Тошкент шаҳридаги Тошкент ирригация ва мелиорация институтида ўтказилиши эълон қилинди. Лойиҳа менежери Толмас Болтаев Ўзбекистон республикаси ҳамда унинг тарихий ва маданий ёдгорликлари жойлашган туризм шаҳарлари, Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, ҳамда Тошкент ирригация ва мелиорация институти ҳақида тақдимот қилди.